top bannerNEW

Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

“Ўзагролизинг” АЖнинг

2017 йил 5 октябрдаги

251 и/ч-сонли буйруғига

1-илова

“Ўзагролизинг” акциядорлик жамиятида

 Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича

Й Ў Р И Қ Н О М А

1-модда. Умумий қоидалар

1.    Ушбу “Йўриқнома” Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ-454-сон “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрири асосида ишлаб чиқилиб, “Ўзагролизинг” акциядорлик жамиятида (кейинги ўринларда – “Жамият” деб юритилади) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш жараёнидаги муносабатларни тартибга солади.

2.    Жамиятда мурожаатларни кўриб чиқиш, ҳал этиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш ягона тартибда мазкур “Йўриқнома”га мувофиқ амалга оширилади.

3.    Мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, расмийлаштириш, ҳисоб варақаларини юритиш, уларнинг ижросини назорат қилиш, жўнатиш, нусха кўпайтириш ҳамда архивга топшириш тартиби “Ўзагролизинг” акциядорлик жамиятида иш юритиш ҳамда ижро назоратини ташкил этиш бўйича Йўриқнома” асосида ташкил қилинади.

4.    Мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш ишлари Жамият ижроия аппаратида Ижро интизомини назорат қилиш, хатлар ва мурожаатлар билан ишлаш бўлимининг бош мутахассиси, “Uzmashlizing” MCHJ ва “Lizing texnika servis” МЧЖда (кейинги ўринларда тобе корхоналар деб ўқилади) ҳамда ҳудудий филиалларда иш юритувчи томонидан амалга оширилади.

5.    Жамият ижроия аппарати раҳбарияти, тобе корхоналар ва ҳудудий филиаллар директорлари мурожаатларни мазкур “Йўриқнома” талабларига қатъий риоя қилган кўриб чиқилиши ва қонуний ҳал қилиниши учун масъулдир.

6.    Мурожаатларни белгиланган тартибда ва муддатда кўриб чиқиш ва қонуний ҳал қилишга масъулиятсизлик билан ёндашган ходимлар интизомий жавобгарликка тортиладилар.

7.    Ушбу йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади.

Ариза — ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат.

Таклиф — давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат.

Шикоят-бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат.

электрон мурожаат - белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан давлат органининг, ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаат, реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган холда берилган оғзаки мурожаатлар бундан мустасно;

такрорий мурожаат - айни бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган, унинг аввалги мурожаати юзасидан қабул қилинган қарор устидан шикоят қилинаётган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилаётган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтга келиб қонун ҳужжатларида белгиланган кўриб чиқиш муддати тугаган бўлса, илгариги мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги тўғрисида хабар қилинаётган мурожаат;

аноним мурожаат - жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат;

мурожаатнинг дубликати - айни бир жисмоний ёки юридик шахс мурожаатининг кўчирма нусхаси.

Мурожаатлар, уларнинг тури ва шаклидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.

 

2-модда. Жамиятда мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари

8.    Мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

- қонунийлик;

- мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш;

 мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги;

- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши;

- мурожаатларни кўриб чиқишида бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги;

- мурожаатларни кўриб чиқишда Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналар ва ҳудудий филиаллар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги.

3-модда. Йўриқноманинг амал қилиш доираси

9. Мазкур Йўриқнома ёзма ёки оғзаки шаклда баён қилинган, шахсан, қонуний вакил ёки алоқа воситалари (“Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Ягона давлат интерактив хизматлари портали, Бош директор виртуал қабулхонаси, “Ишонч телефони”, фуқаролар қабулхонаси, Ўзбекистон почтаси, интернет (Бу электрон манзил спамлардан химояланган. Уни куриш учун JavaScript ни ишга туширишингиз керак.), телефон, факс) орқали берилган мурожаатларга татбиқ этилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Олий Мажлиси палаталари, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Вазирлар Маҳкамаси, Конституцион суд, республика бошқарув органлари ва жамоат ташкилотлари, Ўзбекистонда акредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, жамғармалар ҳамда хорижий давлатлар ваколатхоналари, оммавий ахборот воситалари вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ҳам мазкур Йўриқномага мувофиқ кўриб чиқилади.

4-модда. Мурожаатларга қўйиладиган талаблар

11. Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, оташнинг исми),унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

12. Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

13. Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида Жамиятнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

14. Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари кўрсатилиши шарт.

15. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

16. Ёзма мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унингфамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

17. Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

5-модда. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш

18. Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналари ва ҳудудий филиаллари раҳбарлари томонидан жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

19. Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ўтказувчи раҳбар ёки бошқа мансабдор шахс ҳар қандай масалалар, шу жумладан ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмас.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган аввалги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган ва бу ҳақда уларга ушбу Қонунда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкин.

6-модда. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби

20. Жисмоний ва юридик шахслар Жамият ижроия аппаратида Бош директор (ёки ўринбосари) томонидан, ёки улар бир вақтнинг ўзида узрли сабабларга кўра (хизмат сафари, меҳнат таътили ва ҳ.к.) Жамиятда бўлмаган ҳолатларда Бош директорининг буйруғи билан вазифа юкланган бошқарма ёки бўлим бошлиғи томонидан, тобе корхоналар ва ҳудудий филиалларда директорлар томонидан қабул қилинади.

21. Жамият Бош директори, Бош директор ўринбосари, тобе корхоналар раҳбарлари ва ёки бу борада ваколат берилган бошқа мансабдор шахслар томонидан жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар ташкил этилади.

22. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалига мувофиқ ўтказилади.

23. Қабул қилиш жадвали ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, қабул қилиш тартиби Жамиятнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади, офис биносининг ҳамма кўра оладиган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

24. Жамият раҳбариятининг қабул кунлари ва соатларидан бошқа вақтда, улар хизмат сафарида, меҳнат таътилида ва бошқа узрли сабабларга кўра бўлмаган вақтда мурожаат билан келган фуқаролар дастлаб Ижро интизомини назорат қилиш, хатлар ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси томонидан қабул қилинади.

25.  Жисмоний (ёки юридик шахс)ни қабул қилиш телефон аппарати, компьютер қурилмаси билан жиҳозланган махсус ажратилган хонада амалга оширилади. Суҳбат жараёнида ижро назорати бўйича II тоифали мутахассис томонидан баён тузилади ва у 3 йил муддатда архивда сақланади. Шахсий қабул давомида Бош директор (ўринбосар), ёки тобе корхона, ёки ҳудудий филиали раҳбарининг қарорига кўра ва мурожаат этувчига бу ҳақда хабар берган ҳолда махсус техника воситалари (аудио- ва видеоёзув, шунингдек фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.

26. Жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботи белгиланган шаклдаги китобларда ва карточкаларда юритилади.

27. Жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш жараёнида билдирилган оғзаки мурожаатлар ва таклифлар юзасидан уларда баён этилган масалалар бўйича қўшимча ўрганишлар талаб этилмаса, суҳбат давомида зарурий тушунтиришлар ва изоҳлар берилади, тегишли амалий чоралар кўрилади.

28. Жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш жараёнида билдирилган оғзаки мурожаатлар ва таклифлар юзасидан уларда баён этилган масалалар бўйича қўшимча ўрганишлар талаб этилган тақдирда муаллифга ёзма равишда мурожаат этиш тавсия этилади. Ушбу мурожаат ўрнатилган тартибда рўйхатга олинади ва мазкур Йўриқноманинг 70-бандида белгиланган муддатларда кўриб чиқилади ва натижаси тўғрисида муаллифга маълум қилинади.

29. Жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш жараёнида мурожаатда билдирилган ҳолатлар Жамият ваколати доирасига кирмаслиги аниқланса, ушбу масалага мутасадди бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат этиш юзасидан қабулга келган фуқарога тегишли тавсиялар берилади.

30. Жисмоний (ёки юридик) шахсни қабул қилиш, агар унинг бир неча бор қилган мурожаати асоссиз, қонунга хилоф хусусиятда бўлса ёки унинг мурожаати бўйича қарор қабул қилиб бўлинган бўлса, рад этилиши мумкин.

31.  Жисмоний ва юридик шахсларни Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналар ва ҳудудий филиаллар раҳбарлари томонидан қабул қилиш учун асослар мавжуд бўлмаса, бу ҳақда уларга тушунтирилади.

32. Шахсий қабулда бўлган фуқаролар томонидан ёзма мурожаат тақдим этилмаса, улардан оғзаки мурожаат қабул қилинганлиги ҳақида маълумотнома тузилади. Маълумотнома оғзаки мурожаат қилган жисмоний (ёки) юридик шахс ҳамда уни қабул қилган раҳбар томонидан имзоланади ҳамда мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

33. Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, зарур бўлган ҳолларда, қабул қилиш жадвалларидан ташқари ўтказилиши мумкин. Агар қабул давомида баён этилган масалаларни ҳал этиш Жамиятнинг ёки мансабдор шахсининг ваколатларига кирмаса, тегишли мансабдор шахслар мурожаат этувчига мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтирилади.

34.  Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг ваколати эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

35.  Оғзаки мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан давлат органларининг, ташкилотларнинг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ҳам берилиши мумкин.

7-модда. Жамият Бош директорнинг виртуал қабулхонаси

36. Жамият Бош директори виртуал қабулхонаси орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ташкил этилади, мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга оширилади, шунингдек мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилади.

8-модда. Мурожаат этилганда ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларга риоя этилишининг кафолатлари

37.  Жамият Бош директори (ёки Бош директор ўринбосари ёки тобе корхона ёки ҳудудий филиал раҳбари) мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чораларни кўради.

9-модда. Мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги кафолатлари

38. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ва, агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналар ва ҳудудий филиаллар ходимлари ва мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

39. Жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотлар аниқланмайди.

40. Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмайди.

10-модда. Мурожаатларни бериш тартиби

41. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли.

42. Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилинади, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно.

43.  Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига юборилганда мурожаатга илова қилинади.

44. Мурожаат почта алоқа воситаси орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унга иловалар мавжудлиги текширилади.

45. Конвертда мурожаат мавжуд бўлмаса ёки у шикастланган бўлса, шунингдек мурожаатда кўрсатилган иловалар мавжуд бўлмаса, далолатнома тузилиб, унинг бир нусхаси мурожаат этувчига конвертда кўрсатилган манзили бўйича юборилади.

46. Конвертда мурожаат мавжуд бўлмаса ёки у шикастланган бўлса, шунингдек мурожаатда кўрсатилган иловалар мавжуд бўлмаса, далолатнома тузилиб, унинг бир нусхаси мурожаат этувчига конвертда кўрсатилган манзили бўйича юборилади.

11-модда. Мурожаатлар бўйича иш юритиш

47.  Жамият Бош директори (ёки Бош директор ўринбосари, ёки тобе корхона, ёки ҳудудий филиал директори)га келиб тушган мурожаат ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан (соат 18:00) кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилади.

48. Мурожаатни рўйхатдан ўтказишини рад этишга йўл қўйилмайди.

49. Мурожаатлар Жамият ижро этувчи аппаратида котиба-иш юритувчи, тобе корхоналар ва ҳудудий филиалларда иш юритувчилар томонидан рўйхатга олиниб, иш юритувига қабул қилинади.

50.  Жамият ижроия аппаратида, тобе корхоналар ва ҳудудий филиалларда рўйхатдан ўтказиш дафтари юритилиб, унда мурожаатнинг тартиб рақами ва келиб тушган санаси, мурожаат этувчи жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), юридик шахснинг номи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, ижроси тўғрисидаги белги, шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилади.

51.  Мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиш тизимидан фойдаланилади.

52. Жамият Бош директорига ёки ваколат берилган мансабдор шахсга оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бунда жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек уни кўриб чиқиш натижаси қабул баённомасида кўрсатилади.

53. Мурожаатни рўйхатдан ўтказиш за кўриб чиқиш бўйича иш юритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

12-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

54. Жамиятда мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.

55. Жамият Бош директори (ёки Бош директор ўринбосари, ёки тобе корхона, ёки ҳудудий филиал директори)га келиб тушган мурожаатлар уларни кўриб чиқиш бўйича зиммасига мажбуриятлар юклатилган мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқилади.

56. Мурожаатда бошқарма, бир неча бўлимлар ва ходимларни бошқариш бўйича бош мутахассиснинг ваколат доирасига тааллуқли масалалар бўлса, раҳбар резолюциясида ижрочилар орасида биринчи бўлиб қайд этилган бошқарма, ёки бўлим бошлиғи (ёки ходимларни бошқариш бўйича бош мутахассис) масъул ҳисобланади ва у томонидан мурожаат бўйича тўла ҳажмда текшириш ўтказиш ташкил қилинади. Масъул ходим мурожаат бўйича якуний жавоблар юборилишини таъминлайди.

57.  Жамиятга келиб тушган мурожаатлар тобе корхоналар ва ҳудудий филиалга ҳам юборилади.

58.  Агар мурожаатда давлат органлари, ташкилотларнинг бир нечта таркибий бўлинмаларига тааллуқли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижрочилар этиб белгиланади. Ижрочилар ўртасида биринчи кўрсатилган таркибий бўлинма мурожаатнинг кўриб чиқилишини бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда таъминлайди.

59.  Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мурожаат этувчидан, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва мансабдор шахслардан қўшимча ахборотни сўраб олинади.

60.  Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этилади.

61. Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналар, ҳудудий филиалларнинг мансабдор шахслари мурожаатни жойнинг ўзига бориб кўриб чиқилишини таъминлайди.

62. Агар мурожаатни кўриб чиқишда молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) зарурати юзага келса, текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

13-модда. Айрим мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

63. Такрорий мурожаатлар умумий асосларда кўриб чиқилади, ушбу йўриқноманинг 78-бандида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.

64. Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирмайдиган Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналари ва ҳудудий филиаллар ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга, бошқа ташкилотларга ва мансабдор шахсларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

65. Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларга ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

66. Агар мурожаатларда уларни тегишли давлат органларига, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, бу мурожаатлар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади.

67.  Агар мурожаатни кўриб чиқиш давомида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, мазкур мурожаат аввал келиб тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади.

68.  Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилганидан ва жавоб юборилганидан кейин келиб тушса, бу ҳақда Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналари ва ҳудудий филиаллар ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини тегишли тартибда хабардор қилади.

69.  Мурожаатларнинг турларига киритилмаган хатларни (ташаккурномалар, табрикномалар, таклифномалар, фикр-мулоҳазаларни) кўриб чиқиш Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналар ва ҳудудий филиаллар ёки уларнинг мансабдор шахсларининг ўз ихтиёрига кўра амалга оширилади.

14-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари

70. Ариза ёки шикоят Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналари ва ҳудудий филиаллар ёки уларнинг мансабдор шахсга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида (ушбу муддат мурожаат келиб тушган кундан бошлаб, муаллифга жавоб юборилган кунгача ҳисобланади) кўриб чиқилади.

71. Таклиф Жамиятга келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

72. Мурожаатни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирларни кўриш зарур бўлган ҳолларда, Бош директор, ёки ўринбосар, ёки тобе корхона, ёки ҳудудий филиал раҳбари томонидан ижро муддати истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилади ва бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

73. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари:

Бош директор (ёки ўринбосар) томонидан, ёки улар бир вақтнинг ўзида узрли сабабларга кўра (хизмат сафари, меҳнат таътили ва ҳ.к.) иш жойида бўлмаган ҳолатларда Бош директорнинг буйруғи билан вазифа юкланган бошқарма ёки бўлим бошлиғи томонидан;

            тобе корхона ёки ҳудудий филиал раҳбари (хизмат сафари, меҳнат таътили ва ҳ.к.) иш жойида бўлмаган ҳолатларда раҳбар буйруғи билан вазифа юкланган бўлим бошлиғи ёки масъул ходим томонидан тасдиқланган қабуллар жадвалга асосан қабул қилинади.

74.  Бош директор, ёки ўринбосар, ёки вазифа юкланган бошқарма ёки бўлим бошлиғи томонидан тобе корхона ва ҳудудий филиалга мурожаатни кўриб чиқишнинг қисқа муддатлари белгиланиши мумкин.

75. Кўриб чиқиш жараёнида мурожаат муаллифи томонидан айнан бир масала юзасидан берилган мурожаат аввалги мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ва натижаси бўйича ягона жавоб берилади.

15-модда. Мурожаатларни кўрмай қолдириш

76. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

            аноним мурожаатлар;

            жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

            мазкур йўриқномада белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

77.  Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у Жамият Бош директори, Бош директор ўринбосари, тобе корхона ёки ҳудудий филиал раҳбари ёки ваколат берилган мансабдор шахс томонидан тасдиқланади.

78.  Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.

16-модда. Мурожаатларни кўриб чиқишни тугатиш

79. Мурожаатларни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда тугатилади:

агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса;

агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса;

яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги туфайли чақиришнинг имкони йўқлиги сабабли мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаганда;

мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналари ва ҳудудий филиаллар ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда;

агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

80. Мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисидаги қарорни Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналари ва ҳудудий филиаллар ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси қабул қилади.

81. Такрорий мурожаатни кўриб чиқиш ушбу Йўриқноманинг 78-банди биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига мувофиқ тугатилганда, мурожаат қилувчи такрорий мурожаатнинг асоссизлиги ва ушбу масала юзасидан у билан ёзишмалар тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Ёзишмалар олиб бориш тугатилган мурожаат қилувчидан такрорий мурожаат келиб тушган тақдирда, бундай мурожаатни кўриб чиқиш мурожаат қилувчининг бу ҳақда хабардор қилмасдан тугатилади.

82. Мурожаатни кўриб чиқиш уни чақириб олиш тўғрисидаги ариза бўйича тугатилганда мурожаат қилувчига Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналари ва ҳудудий филиалларнинг ёки улар мансабдор шахсининг хати билан бирга уч кун ичида қайтарилади. Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

83.  Мурожаат қилувчи чақирилган жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг келмай қолганлиги сабабли мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинади.

        

17-модда. Мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш

84.  Жисмоний ёки юридик шахснинг илтимосига кўра ва Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналари ва ҳудудий филиаллар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатга жавобни унинг мазмунини ўзгартирмасдан тушунтириши, шунингдек йўл қўйилган хатолар ва арифметик хатоларни ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, мурожаатга жавобнинг мазмунига дахл қилмаган ҳолда тузатиши шарт.

85.  Мурожаат қилувчининг мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш тўғрисидаги илтимоси, у келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқилади.

        

18-модда. Мурожаатларнинг кўриб чиқилишини мониторинг ва назоратқилиш

86.  Жамият ижроия аппарати, тобе корхоналари ва ҳудудий филиаллар раҳбарлари ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари ўз тузилмавий бўлинмалари томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради.

87.  Мурожаат у қайси раҳбар ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахс томонидан назоратга олинган бўлса, ўша шахс томонидан назоратдан ва ижродан олинади.

88. Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар назоратдан олинмайди.

19-модда. Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш

89. Ижро интизомини назорат қилиш, хатлар ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси, тобе корхоналар ва ҳудудий филиалларда иш юритувчилар келиб тушган мурожаатларнинг статистик ҳисобини юритади (1- 7 жадваллар).

90. Тобе корхоналар ва ҳудудий филиалларда иш юритувчи келиб тушган мурожаатларнинг статистик ҳисобини умумлаштириб, ҳар ойнинг 1-санасига раҳбар имзоси билан Жамиятга тақдим қилади.

91.  Ижро интизомини назорат қилиш, хатлар ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси ҳар ойнинг 2-санасига мурожаатларни умумлаштиради, таҳлил қилади ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖга маълумот тайёрлайди.

92. Ижро интизомини назорат қилиш, хатлар ва мурожаатлар билан ишлаш бўлимида, тобе корхона ва ҳудудий филиалларда мурожаатлар умумлаштирилади ва таҳлил қилинади. Таҳлил натижаларига кўра маълумотномалар тузилади, уларда мурожаатлар билан ишлашнинг умумий кўрсаткичлари, мурожаатларда тез-тез кўтарилган масалалар, мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган асосий камчиликлар ва қоидабузарликлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар акс эттирилади.

93. Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар Жамиятнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

        

20-модда. Низоларни ҳал этиш

94. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

21-модда. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

95. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек туҳмат ва ҳароратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

22-модда. Якуний қоидалар

96. Ижрога масъул ходим томонидан фуқаронинг мурожаатини ҳал этишда расмиятчилик, сансалорликка йўл қўйиш, мурожаатни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, мурожаат бўйича асоссиз, қонунга зид хулоса қилиш ёхуд мурожаат қилувчининг шахсий ҳаётига доир маълумотларни ошкор этиш, мурожаат қилганлик ёхуд мурожаатда баён этилган танқид учун таъқиб қилиш амалдаги қонунчиликда ва ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. 

 

 

 

Контактлар

Манзил:


Телефон:
Факс:

E-mail:

Иш кунлари:

 

Ўзбекистон, Тошкент ш.,

Абай кўч., 4а
(+99871) 244-62-73
(+99871) 244-49-89

info@agroleasing.uz

Душанба - Жума, 9:00 - 18:30

telefon

Ишонч телефони регламенти.

Ишонч телефонидан тушган мурожаатлар натижаси.

Ягона телефон рақами регламенти

 


 

Сайтимизда қанақа мавзулар ёритилиши керак деб биласиз?

Савол беринг

­

  • Uzbek (Uzbekistan) translation is still missing. Please consider to contribute by writing and sharing your own translation. Learn more.