top bannerNEW

ЧИНОЗЛИК ФЕРМЕР

  Мен Чинозга боришга шайланган куним метереологларнинг қўл телефонлари орқали жўнатган хабарларида  кун жуда иссиқ бўлиши, имкони борича, офтобдан сақланиш кераклиги ҳақида огоҳлантирилган  эди.

    Лекин ваъда – ваъда. Мен чинозлик фермер Абдумажид Садиров билан шу бугунги кун учрашашишга ваъдалашган эдим.

    Мени Абдумажиднинг ўзи кутиб олди. Биз каттакон мол боқиш фермасининг ёнбошидаги шинам хонага кирдик. Конденционер хонани роҳатижон салқин қилиб қўйган эди. Маъданли сувлардан ҳўплаб, суҳбатни бошлаб юбордик.

– 1992 йили Тошкент Аграр университетининг зоомуҳандислик факультетини тугатдим. 92 – 95 йилларда Анқаранинг емлар ва ҳайвонларни боқиш факультетида магистрлик дипломини ёқладим, – дея гапини бошлади Абдумажид. – Дипломни ”аъло” баҳога ёқлаганим учун, йўлланма билан келиб, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида иш бошладим. Озуқани қайта ишлаш бўлимида дастлаб етакчи мутахассис бўлдим. Кейин бош мутахассис, кейин бошқарма бошлиғи, кейин бош бошқарма бошлиғи бўлиб ишладим. Бу орада соҳани чуқур ўргандим, кўплаб фермер хўжаликлари фаолияти, раҳбарлари тажрибаси  билан танишдим ва бир куни кўнглимда олган илмимни, малакамни амалда қўллаш иштиёқи туғилди. Шундоқ қилиб, вазирликдаги вазифамдан  ихтиёрим билан бўшаб, ўзим туғилган Чиноздан ер олиб, тадбиркорликни бошлаб юбордим. Акам ва учта укам билан биргаликда 2009 йили “Дилгиё файз–барака” номи билан фермер хўжалигини туздик. Дастлаб еримиз 50 гектар эди, унга пахта экиб, топган даромадимизга 40 бош қора мол сотиб олдик. Мана шу жой аввал дала шийпони бўлган. Ҳаммасини бошидан бошладик. Молхонани ҳам, унинг ёнидаги керакли қурилмаларни ҳам ўзимиз тиклаганмиз.

Абдумажид полвон келбатли бўлиб, гапирганда жўшиб гапирар, айни пайтда юзидаги кулгичлари ўйнаб турарди. Бу унинг фикрлари соғломлигидан, самимийлигидан ва қалбидаги лиммо-лим ғайратдан далолат эди.

Унинг фермерлик хўжалиги бугунги кунда 105 гектар ерга эга экан. Шундан 102 гектари сувли майдон. 432 бош қора моли бор, уларнинг 200 боши соғин сигир.

– Молларингизни қайси мамлакатдан келтиргансиз?

– Молларимни Чехиядан, Австриядан, Германиядан келтирганман. Кўпчилиги “Флекси” наслидан. Бу зот, асосан, сут ва гўшт беради. Бузоқлари тез ўсади. Соғин сигирларнинг ҳар биридан бир йилда 6 – 6,5 тоннадан сут оламиз.

– Уларнинг иқлимга кўникиши қалай? Баъзи фермерлар молларимиз тез-тез касалликка чалинади, деб нолишади.

– Пули борлар бугунги кунда мол боқиш ва уни кўпайтиришга иштиёқманд бўлиб, чет эл қора молларини кўплаб келтиришяпти. Бу аснода айримлар боқолмай, тўғрироғи, боқишни эплай олмай, бошлари қотяпти. Кўплар  моллар касалликка чалинса, иқлимни рўкач қилишади. Аслида бу уларнинг тажрибасизликларидан, бу соҳа сир-синоатларини чуқур билмасликларидан. Мол боқишнинг биринчи шарти, аввало, унга озуқа базасини яратишдир. Сиз агар боғ яратиб, ҳосил оламан десангиз, аввал сув келадиган ариқни очиб, уни созлаб қўясиз-ку, тўғрими? Сув келмаса, боғ кўкарадими? Масалан, менинг ҳар бир молим бир йилда 20 тоннагача озуқа ейди. Шунинг учун мен 102 гектар сувли майдонимдан икки марта ҳосил оламан. Лекин икки мартадан ҳосил олиш ўз-ўзидан бўлмайди. Эски техника билан экинни ўз вақтида экиб-тикиб, уни нобуд қилмай йиғиштириб олишга улгуриш қийин. Бунинг учун нима қилиш керак?

Мен ўйлаб-ўйлаб, янги техника олишга қарор қилди. Олганда ҳам – жаҳоннинг олд техникаларидан!

Бу борада Республикамизда “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” акциядорлик лизинг компанияси фермер хўжаликларнинг  жонига далди бўладиган ташкилот эканлигини эшитган эдим. Ушбу компания  жаҳонда унумдорлиги энг юқори бўлган қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқарувчи “бренд” фирмаларнинг замонавий техникаларини Республикамизга келтириб фермер хўжаликларга энг қулай бўлган шартларда лизинг асосида кредитга  берар экан. Мен бу компанияга мурожаат этганимда улар мени қўллаб-қувватлашди ва жонимга оро кирди.

Дастлаб, Германиянинг ”Клаас” фирмаси ишлаб чиқариган унумдорлиги  юқори бўлган  “Арион” русумли ҳайдов тракторларини  10 йил муддатга йиллик  5%  устама билан  фақат 15%  қийматини тўлаган ҳолда лизингга олдим. Қарангки қаерда 5%лик кредит олиш мумкин?

Бундан ташқари яна Германияда ишлаб чиқарилган Лемкен фирмасининг “Рубин” русумли  бир босганда 3-4 хил ишни бажарадиган (15 смгача ҳайдаш, кесакни майдалаш ва текислаш ишни бажаради) дискли баранани ва 4 корпусли 2 томонлама бўлган 50 смгача ерни шудгор қиладиган Лемкен плугини  3 йилга лизинга олдим.

Ўтган йили мазкур фирманинг “Ягуар” русумли озуқа йиғиштирадиган комбайнига эга бўлдим. Биласизми, бу техниканинг кучи ва имкониятларини, тасаввурга сиғмайди! Бир соатда 150 тонна озуқ экинни ўра олади. Экин майдонини таг-тугигача тозалаб, шипириб, ўрилган массани гуручдай майдалаб, керак бўлса, 150 метрга отиб беради! Мен молларни ана шундай озуқа билан таъминлаб қўяман ва улар орасида бизнинг иқлим шароитимизга кўникмайдиганлари камдан-кам бўлади.

– Икки марта экишнинг сир-синоатлари қанақа? Қандай экинлар экасиз? – Мен унинг иш тажрибасига астойдил қизиқиб сўрадим.

–  Биринчи ҳосил экини – арпа, сули, третикалий ва озуқа нўхати аралашмасини кузда – октябрнинг 20-кунига қадар экаман. Уни келгуси йилнинг 20 майигача йиғиштириб оламан. Демак, ҳар гектардан 35–40 тоннадан донли сенаж бостираман. 1 июнгача чет элда 18 тонна дон, 55 тонна масса берадиган маҳсулдорлиги юқори гибрид маккажўхори экиб, сентябрнинг 20-сигача гектаридан 55 тоннадан силос бостираман. Бу ишларни бажаришни замонавий техникасиз амалга оширишни калламга сиғдираолмайман.

Сенда бу календарь аниқлигидаги вақт қандай шаклланди, дерсиз? Бу ҳам техниканинг шарофати билан. Масалан, мен аввал биринчи ҳосилни йиғиштириб бўлганимдан кейин ерни суғорардим, чунки иссиқ кунлар бошланиб, ер қотиб кетади. Кейин уни ҳайдардим, унинг кетидан бороналардим. Энди-чи? “Рубин – 9” дискли боронаси  мени кўп харажатлардан қутқарди. Энди ерни суғормайман, алоҳида бороналамайман ҳам. Чунки боя айтган дискли боронам билан ҳар қандай ерни упадай қилиб  тайёрлаб беради. Илгариги тракторлар ерда қолган хас-хушаклар туфайли ерни ағдаришга қийналарди, янги техникам эса дисклари билан бу хас-хушакларни  майдалаб, бороналанган ерга ўғитдай сепиб кетади. Демак, мен ҳам ҳаражатдан, ҳам вақтдан ютябман.

Кези келганда янги техника афзаллиги ҳақида яна бир мисолни айтай. 50 гектар ғиж-ғиж ажриқ босган ерим бор эди. Уни қачон тозалайман, қандоқ тозалайман деб бошим қотгани-қотган эди. Мушкулимни “Арион” трактори осон қилди. Бу ерлар очилганига 50 йил бўлганди ва 50 йил давомида унга фақат пахта экилганди. Демак, у ҳар йили шудгор қилинган. Лекин у пайтда тракторлар омочи 30 смдан чуқурни олмаган. “Арион” эса Лемкен омочи билан 50 смгача олади. Шу денг, ерни ҳайдаётганимизда ундан 18 та ҳар хил катталикдаги темир чиқди. 50 йил давомида улар ҳеч бир омоч тишига илашмаган, янги техника уларни сиртга чиқариб  ташлади. Ернинг ажриқдан тозаланганини айтмайсизми – 95 фоиз! Унинг унумдор бўлгани-чи! Агар мен эски тракторлар бизга бўлаверади, деб юрганимда, ҳозирги кундаги натижаларимга эришармидим? Юртбошимиз “бизларга бўлаверади деган тушунчадан воз кечинглар энди” деб, бекорга айтмаяптилар, аҳир.

– Жуда ҳақ гапни гапирдингиз? – дедим  унинг тўлқинланишидан мен ҳам тўлқинланиб. – Ҳозир бир нарса эсимга тушиб кетди. Бундан ўн йиллар илгари бир жиззахлик фермер ҳақида мақола ёзган эдим, унинг сарлавҳасини “Телевизорни қучоқлаган фермер” деб қўйганим ёдимда. Ўшанда фермерчиликни ривожлантириш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, уларга катта имтиёзлар белгиланганди. Мен бу гапларни эшита туриб, ҳаяжонланганимдан ўрнимдан туриб бориб, телевизорни қучоқлаганман, деганди у. Юртбошимиз ҳар бир чиқишларида фермерлик фаолиятига алоҳида тўхталадилар. Тадбиркорларга қарата, қаерда сизларга тазйиқ бўлса, қаерда ишингизга тўсқинлик қилишса, мен сизларнинг ҳимоячингизга айланаман, дейдилар. Бу борада сиз нима дейсиз?

– Фермерларнинг иши қанот ёзаётганлигига биринчи омил Юртбошимизнинг улар фаолиятини қўллаб-қувватлаётганида, нафақат қўллаб-қувватлаётганлиги, айни пайтда уларга катта ишонч билдираётганликларида ҳам деб биламан. Биргина мисол,  бугунги кунда чорвачилик бўйича фермер хўжаликлари, яъни бизлар барча солиқлардан буткул озодмиз.Чет элдан мол олиб келамизми, дон олиб келамизми, божхона солиқларини ҳам тўламаймиз. Юртбошимиз гапларини ҳар гал эшитсам, менинг ҳам юрагим ҳаяжондан тўлиб-тошади, кўнглимда янгидан-янги режалар туғила бошлайди. Айни пайтда қилаётган ишларимдан кўнглимда фаҳр ҳисси ҳам уйғонади. Нокамтарликка йўйманг-ку, шундай лаҳзаларда ўзимда ҳукуматимиз ва Юртбошимиз хоҳлаган фермер мен бўлсам керак, деган ишонч уйғонади. Ҳалол ишлаётган бўлсам, катта пул топаётган бўлсам, бу пулни нимага ва қаерга сарфлаш ҳуқуқи ўзимда бўлса!.. Яна нима керак менга! Фақат ишлаш керак, янги марралар сари интилиш керак! Яна бир туйғу кўнглимда куртак ёзади. Юртбошимиз бизларга катта эътибор кўрсатиб, юксак ишонч билдирарканлар, фақат бизларни эмас, балки бутун мамлакатни, бутун элимиз ҳаётини фаровон қилишни ўйлаяптилар. Биз ҳам юртбошимизнинг ана шу олий ниятига муносиб бўлишимиз керак, деган туйғу бу.

– Ажойиб гап бўлди. Демак, тадбиркорларимиз идрокида, шуурида янги тушунчалар шаклланмоқда, буни ватанпарварликнинг янги кўриниши, десак бўлади. Мана, сиз фаолиятингиз юзасидан чет элларда бўласиз, нима деб ўйлайсиз  – улар фақат олдинда юрувчилар-у, биз эса  ҳамиша уларга эргашувчилармизми?.. Сизга шундай туюлмайдими?

– Мен бундай деб ўйламайман, мана, яқинда “Класс” компаниясининг 100 йиллик тўйи нишонланди. Бу компаниянинг жаҳондаги  150 мамлакатда ўз ваколатхонаси бор. Тўйга шу мамлакатларнинг 7 тасидан меҳмон таклиф этилди. Канада, Америка, Ҳиндистон сингари таклиф этилган мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бор эди. Юртимиздан мен меҳмон бўлиб бордим. Бу давлатимизнинг жаҳонда обрў топаётганлигидан нишона эмасми!

Мен қайси мамлакатга борсам, чорва фермерлари имкониятларини, уларнинг муваффақити сирларини ўрганишга ҳаракат қиламан. Ўзимизнинг иш миқёсимизни уларнинг фаолияти билан таққослайман. Масалан, Германияда мамлакатнинг жуда кичик ҳудудидагина маккажўхори етиштирилади. Чунки бошқа ҳудудлардаги ёғин-сочин миқдори, тупроқ таркиби бунга йўл қўймайди. Бизда-чи? Бизнинг деярли барча вилоятларимизда бу экинни экиб, етиштиришимиз мумкин. Яна мен озуқа экинларини ўриш жараёнини кузатдим. Ўрилгандан кейин уни, албатта, ағдариб, шамоллатиш керак экан. Чунки ёғин бўлиб тургани туфайли ағдарилмаса, сасиб қоларкан. Бу улар учун, албатта, ортиқча меҳнат, ортиқча ҳаражат. Бизда-чи, бунга мутлақо эҳтиёж йўқ. Мана шу, табиат берган иккки имкониятнинг ўзи бизларни каттароқ ютуқларга интилишга даъват қилмайдими?.. Яна боя айтиб ўтганим бизнинг йил фаслларимиздаги календар аниқлик-чи!.. Бу ҳам бизга табиат томонидан кўрсатилган иноят-ку!..

– Сизнинг ён-атрофингиздаги фермерлар билан муносабатингиз қалай? Улар орасида ишингизга ҳавас қиладиганлар ҳам, ҳасад қиладиганлар ҳам топилса керак?

– Мен бу ҳақда ортиқча бош қотирмайман. Ҳар кимнинг омадини берсин, дейман. Лекин аниқ биламанки, айрим фермерлар мени ўзига душман деб билади. Чуни менинг тилим ўткирроқ-да. Уларнинг айбини юзига тик айтаман. Ўзим ҳар куни даламнинг пастидан отда бир марта айланаман: сув қаерга етди, қаерга етмади, ниҳоллар қандай ўсяпти – ҳаммасини назорат қиламан. Ўша айтганим айрим фермерлар эса машинасидан тушмайди. Бир куни ёмғир ёғиб турувди, улардан бири йўлимдан чиқиб қолди, машинам чироғини ўчириб-ёндириб, уни тўхтатдим. Ерга тушди, мен ҳам тушиб, унга: – Ҳой номард, далангни қара, тепангда ариқ тўла сув оқиб ётсаям, буғдойингни бир марта ҳам суғормадинг-а!. . Буғдойинг ёмғир суви билан бўляпти. Худонинг раҳми сенга келгани йўқ, далангдаги буғдойингга келди, – дедим. Бундайлар учун ер увол...

Суҳбатимиз анча давом этди. Унинг феълида ҳазил-мутойибага мойиллик бор экан. Худо бу хислатдан мени ҳам қисмаган. Ўртада кулгулар ҳам янграб турди. Абдумажид кулганда хахолаб, бошини орқага ташлаб куларкан, бу феълдаги тантилик аломати. Кейин молхона майдонига чиқдик. Майдон тўрида энди туғилган бузоқчаларга алоҳида жой қилинган ва у ёғоч панжара билан тўсилган. Алоҳида каттакон молхонада ғунажинлар жойлашган. Бошқа молхонада эса – соғин сигирлар. Улар кунига уч марта соғиларкан, иккинчи соғин вақти етгани учун улар бирин-кетин соғиладиган бўлма томон тизилишиб боришарди.

Молхоналарнинг фақат тепаси ёпиқ, атрофи очиқ. Кун иссиқ бўлганлиги учун бўғотдаги мосламалар орқали сув пуркалиб турибди.

– Эски типдаги мол фермаларини кўриб юрган одамлар бор-у, улар олдимга келиб, бизнинг фермаларни кўради-да, ака, молларни қишда қаёқда сақлайсиз, деб сўрайди. Шу ерда боқамиз, дейман. У, ферманинг ҳамма томони очиқ-ку, дея ажабланади. Билмайдики, у кўрган совет даврида қурилган фермалар, асосан, қиш 6 – 7 ойга чўзиладиган, совуқ 40 даражадан ортиқ бўладиган Россия иқлимига мўлжаллаб қурилган. Бизда-чи, қиш нари борса, икки ой бўлади. Қишда молхона атрофини баннер билан тўсиб чиқамиз, ерга сомон тўшаймиз. Бу ҳам харажатни тежаш имконияти эмасми? Бу ҳам табиатнинг бизга меҳрибончилиги-ку...

– Неча фарзандингиз бор? – сўрайман Абдумажиддан.  Иккита, бир ўғил, бир қиз, дейди у. Уларнинг ёшини сўрайман. Ўғлим –15 ёшда, қизим – 13 ёшда, дейди. Ўғлингиз келажакда ким бўлмоқчи, деб сўрайман. Хўжалигимиздаги  янги техникаларни кўрганидан буён Турин институтига кираман, дегани-деган, дейди у. Эҳтимол, у келажакда етук муҳандис бўлиб, булардан-да зўр техникаларни яратар, дейман. Балки, дейди у кулиб, худо хоҳласа, деб қўшиб қўяди. У сўнгги гапида ичдан бир этикиб ҳам қўйди. Мен, илоҳим, орзунгизга етинг, дўстим, дедим.

– Қанча ишчингиз бор?

– 38 та ишчим бор.

– Уларга яхши ҳақ тўласангиз керак?

– Яхши ҳақ тўлайман. Ойига 700 – 800 мингдан кам олишмайди.

– Шунга яраша улардан иш ҳам талаб қилсангиз керак? 

– Бўлмасам-чи. Айримлар бор, ишчиларимга иш ҳақини ёмон тўламаябман, улар хурсанд, уларни кўриб – мен хурсанд, дейдиган. Йўқ, мен ҳисоб-китобли фермерман. Ишчига иш ҳақи тўладимми, ундан шунга яраша иш талаб қиламан. Ахир, бутун дунё иқтисодиёти шу мантиқ замирига қурилмаганми? Агар Европа шундай услубда ишламаганида бугунги тараққиётига эришармиди? Америка-чи? Ҳозир бизнинг ҳар бир сигирдан соғадиган сутимиз Европа стандартига яқинлашиб қолди. Масалан, Европада бу кўрсаткич 7 тонна. Биз ўтган йили ҳар сигирдан 6,5 тоннадан сут олдик.

Мен Абдумажиддан, кейинчалик ўз маҳсулотингизни қайта ишлашга ҳам киришсангиз керак, деб сўрадим. Албатта-да, фақат озгина муддатдан кейин, деди у.

Мен хайрлашаётганимда, машинага ўтирарканман, Абдумажидга қайрилиб қараб, яна бир бор хўшлашдим ва унинг бор бастига разм солдим. У паҳлавон келбати билан худди майдонга чиқишга шай турган азамат тош кўтарувчига ўхшаб кўринди. Мен “полвон дўстим, сиз ҳали катта юкларни кўтариб, юксак олқишларга сазовор бўласиз”, деб қўйдим ичимда.

 

Мирпўлат МИРЗО

Контактлар

Манзил:


Телефон:
Факс:

E-mail:

Иш кунлари:

 

Ўзбекистон, Тошкент ш.,

Абай кўч., 4а
(+99871) 244-62-73
(+99871) 244-49-89

info@agroleasing.uz

Душанба - Жума, 9:00 - 18:30

telefon

Ишонч телефони регламенти.

Ишонч телефонидан тушган мурожаатлар натижаси.

Ягона телефон рақами регламенти

 


 

Сайтимизда қанақа мавзулар ёритилиши керак деб биласиз?

Савол беринг

­

  • Uzbek (Uzbekistan) translation is still missing. Please consider to contribute by writing and sharing your own translation. Learn more.